Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди

Президент раислигида тўқимачилик соҳасида экспорт ва инвестиция ҳажмларини ошириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.

Ўтган йили тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш 94 триллион сўмга етиб, сўнгги 7 йилда 4,2 баравар ошгани, 2023 йилда тармоқдаги экспорт 3,1 миллиард доллар бўлгани таъкидланди.

Шу билан бирга, охирги икки йилда жаҳон бозорида тўқимачилик маҳсулотига бўлган талаб камайгани қайд этилди. Бундан ташқари, асосий экспорт бозорларимизда валюта курси билан боғлиқ муаммолар юзага келди.

Реклама на Unews

 

Шуни ҳисобига ўтган йилда тўқимачилик соҳаси экспорти кутилган кўрсаткичдан 200 миллион доллар кам бўлди.

Президент бугунги кунда тўқимачилик тармоғидаги 6 мингдан зиёд корхона 570 минг аҳолини доимий иш билан таъминлаётганига эътибор қаратди.

Яъни, саноат тармоқлари орасида энг кўп иш ўринлари яратган ҳам, энг кўп аҳолини банд қилиб турган соҳа ҳам бу – тўқимачилик саноати.

Реклама на Unews

Давлат раҳбарининг топшириғига асосан тўқимачиликнинг барча йўналишларидаги тадбиркорлар билан мулоқот қилиниб, уларни ўйлантираётган масалалар ўрганилди ва ечимлар ишлаб чиқилди. 

Юздан зиёд тадбиркор таклиф қилинган йиғилишда ушбу масалалар таҳлил қилиниб ва янги чора-тадбирлар кўриб чиқилди.

Тармоқдаги долзарб масалалар муҳокама қилинар экан, ўтган йили тайёр маҳсулот экспорти 1,3 миллиард долларни ташкил этгани билан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улуши етарли даражада эмаслиги қайд этилди.  

Яъни, экспортдаги тайёр маҳсулотни асосий қисми нархи паст бўлган трикотаж ҳисобланади.

Мамлакатимизда 1 килограмм ип-калаванинг таннархи жаҳондаги нархлардан ўртача 28 фоиз арзон. Бу ўзимизда тайёр маҳсулотни кўпайтириш учун жуда катта имконият. Шунга қарамай, жами ишлаб чиқаришда тайёр маҳсулотлар улуши кутилганидек бўлмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Биздаги хом ашё билан камида 15 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш, яна 500 мингта янги иш ўрни яратиш учун мавжуд имкониятларни ишга солиш муҳимлиги таъкидланди.

Eng qaynoq xabarlar bilan TELEGRAM kanalda birinchilarda xabardor bo'ling.


Fikr qoldiring