Ғарб давлатлари фуқароларини Исроилга бормасликка чақирди

Германия, Франция, Италия, Швейцария ва Канада ташқи ишлар вазирликлари Тел-Авив ва Теҳрон ўртасидаги навбатдаги кескинлашув фонида фуқароларни Исроил, Фаластин, Ливан ва Эронга саёҳат қилмасликка чақирди.

Аввалроқ ўз фуқароларига Буюк Британия, Япония ва Россия ҳукуматлари томонидан худди шундай тавсиялар берилганди. АҚШнинг Қуддусдаги элчихонаси америкаликларга ҳушёр бўлишни тавсия қилди, чунки «хавфсизлик муҳити мураккаблигича қолмоқда ва сиёсий вазиятга қараб тез ўзгариши мумкин». АҚШ ҳукумати Исроилга сафар қилишни режалаштираётганларни «қарорини қайта кўриб чиқишга» чақирган.

Америка оммавий ахборот воситалари, жумладан Bloomberg ва CBS, Эроннинг Исроилга ракета ёки дрон ҳужумлари муқаррар эканлигини ёзди. Исроил 1 апрель куни Дамашқда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси юқори мартабали қўмондони Муҳаммад Ризо Зоҳидий, унинг ўринбосари Муҳаммад Ҳоди Ҳожи Раҳимий ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг яна беш зобити ҳалок бўлган ҳаво ҳужуми уюштирганидан бери Эроннинг жавоби муҳокама қилинмоқда.

Реклама на Unews

Эрон томони ҳужум Эроннинг Сурия пойтахтидаги консуллигига қилинганини айтди, бироқ Тел-Авив бу маълумотни тасдиқламади ва у яқин атрофдаги бинога қаратилганини таъкидлади. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Теҳрон жавоб бериш ҳуқуқини ўзида қолдиришини айтди.

Бир кун аввал Америка президенти Жо Байден Қўшма Штатлар Исроилни ҳимоя қилишга содиқ эканини ва Эрон эҳтимолий ҳужумда муваффақият қозона олмаслигини айтган.

Eng qaynoq xabarlar bilan TELEGRAM kanalda birinchilarda xabardor bo'ling.


Fikr qoldiring