Россияда Путинни қоралаган тожикистонлик ҳибсга олинди

Россиядаги Новосибирск суди бозорда урушга қарши гапирган ва мамлакат раҳбари Владимир Путиннинг қарорларини қоралаган Тожикистон фуқаросини ҳибсга олишга қарор қилди. Бу ҳақда Новосибирск вилоятининг умумий юрисдикция судлари матбуот хизмати хабар берди.

Новосибирскнинг Калининский туман суди Тожикистон фуқаросини безорилик (Жиноят кодексининг 213-моддаси 1-қисми “б” банди) ва ҳарбий “фейк” (Жиноят кодексининг 207.3-моддаси 2-қисми “д” банди) иши бўйича ҳибсга олган. 

Хавфсизлик ходимларининг даъвосига кўра, 2022 йилнинг февралидан 2024 йилнинг апрелигача мазкур шахс Новосибирскдаги иккита савдо марказида “махсус ҳарбий операциянинг мақсадлари, усуллари ва бориши тўғрисида қасддан ёлғон маълумот берган”. 

Реклама на Unews

“У қўпол беҳаё сўзлар билан рус аёлларини ҳақорат қилган, шунингдек, Россия Федерацияси Президенти ва Россия Федерацияси ҳукуматининг “махсус ҳарбий операция” ўтказиш тўғрисидаги қарорини қоралаган”, дейилади суд матбуот хизмати хабарида.

Судланувчи Далержон Арчилов бўлиб, у 2012 йилда Тожикистондан Россияга келган ва 2021 йилда яшаш учун рухсатнома олган. Шу йилнинг февраль ойида у Россия фуқаролигини олиш учун ариза берган. Аммо унинг рафиқаси ва болалари 2022 йилнинг ноябрь ойидан бери Россияда ноқонуний яшаб келган.

Тергов қўмитаси маълумотларига кўра, ҳибсга олинишидан олдин у озиқ-овқат бозорида “зарур ҳужжатларсиз” ишлаган. “Инфопро54” нашри Арчиловнинг касби қассоб эканига аниқлик киритди.

Реклама на Unews

Суд эркакни 1 июнга қадар тергов ҳибсхонасига жўнатди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Санкт-Петербургда Telegram’даги теракт ҳақидаги хабарга ўзининг ҳазил аралаш "коммент"ини ёзгани сабабли 26 ёшли Тожикистон фуқароси Баҳодир Зуҳуров қўлга олинганди. Россия Тергов қўмитаси ҳибсга олинган Зуҳуровнинг узр сўрагани акс этган видеони эълон қилган. 

Eng qaynoq xabarlar bilan TELEGRAM kanalda birinchilarda xabardor bo'ling.


Fikr qoldiring